Самарқандда қадимий қабр қолдиқлари аниқланди
2026-09-10 18:55:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилоятининг Паяриқ туманида ер қазиш ишлари жараёнида фуқаро томонидан қадимий қабр қолдиқлари аниқланди. Қазиш жараёнида инсон суяк қолдиқлари, бронзадан ясалган билагузуклар, турли тақинчоқлар ва майда мунчоқлар топилган. Фуқаро топилма ҳақида зудлик билан Й. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтига хабар берган.
Институт мутахассислари томонидан топилма жойи кўздан кечирилиб, аниқланган археологик ашёлар ва инсон суяк қолдиқлари белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, илмий ўрганиш учун қабул қилиб олинди. Дастлабки кузатувларга кўра, топилган бронза билагузукларнинг айримлари конуссимон учлари ва спиралсимон безаклари билан ажралиб туради. Уларнинг шакли ва безак хусусиятлари бронза даврининг сўнгги босқичида яшаган дашт чорвадор қабилалари маданиятига хос тақинчоқлар билан ўхшашлик касб этади.
Зарафшон водийсидаги қатор манзилгоҳ ва қабристонлардан ҳам бронза даврига оид, дашт чорвадор аҳолисининг маданияти билан боғлиқ археологик материаллар аниқланган. Бундай ёдгорликлар, одатда, милоддан аввалги ХИИИ–X асрлар билан саналаниб, Андроново–Тозабоғёб маданий доираси билан боғланади. Шу билан бирга, Дарвозагаза қишлоғида аниқланган янги топилманинг аниқ даври ва маданий мансублиги ҳозирча узил-кесил белгиланмаган. Мазкур масалага махсус археологик қазишмалар, антропологик тадқиқотлар ҳамда металл буюмларнинг лаборатория таҳлиллари натижасида аниқлик киритилади.
Эслатиб ўтамиз! Ер қазиш ёки қурилиш ишлари жараёнида қадимий буюмлар, иншоот қолдиқлари ёки инсон суяклари аниқланган тақдирда, ишларни дарҳол тўхтатиш ҳамда тегишли давлат органлари ва археология мутахассисларига хабар бериш лозим. Бундай масъулиятли муносабат маданий асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказишга хизмат қилади.

