Озод ёдгорлигида археологик тадқиқотлар давом этмоқда
2026-09-09 16:00:00 / Янгиликлар

Й. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ҳамда Хитойнинг Шимоли-ғарбий университети Ипак йўли археологияси тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги Озод ёдгорлигида археологик қазув-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Тадқиқотлар жорий йилнинг 15 августидан бошланган бўлиб, ёдгорлик 2023 йилда Сурхондарё ҳавзасининг шарқий қисмида ўтказилган дала-қидирув ишлари давомида аниқланган. У Озод қишлоғининг жануби-шарқида, Далварзинтепа ёдгорлигидан қарийб 6 километр жануби-шарқда жойлашган.
Майдони тахминан 200*100 метр бўлган ёдгорлик ҳудудида 100 га яқин қабр мавжудлиги аниқланган. Жорий йилда ёдгорликнинг жануби-ғарбий қисмида 10 дан ортиқ қабрда археологик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Дастлабки натижаларга кўра, қабрлардаги тузилиш ва аниқланган археологик ашёлар Сополли маданияти ёдгорликларига хос жиҳатларга эга. Радиокарбон (¹⁴C) таҳлиллари ҳамда топилмаларнинг қиёсий-типологик ўрганилиши ёдгорликни милоддан аввалги 1700–1500 йилларга бориб тақалмоқда.
Озод ёдгорлиги Сурхондарё ҳавзасида аниқланган энг қадимги қабристонлардан бири сифатида минтақадаги қадимги дафн анъаналарининг шаклланиши ва ривожланиш босқичларини ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга. Айни пайтда ёдгорликда археологик дала-қазув тадқиқотлари давом этмоқда.




