Бобур кўчаси, 7-уйдаги маданий мерос объектини сақлаш масаласи юзасидан Бош прокуратурага мурожаат юборилди
2026-09-08 19:20:00 / Янгиликлар

Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 7-уй манзилида жойлашган моддий маданий мерос объектининг сақланишини таъминлаш масаласи юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилди.
Мазкур бино моддий маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасида ҳисобланади.
2020 йилда Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан мазкур бинони Моддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритиш масаласи маъқулланган. 2021 йилда эса объектни Миллий рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги таклиф рад этилган. Агентликнинг амалдаги позицияси мазкур объектни Миллий рўйхатдан чиқариш мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага асосланади.
Шу билан бирга, ҳолатни ўрганиш давомида Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30-октабрдаги 1550-сон қарорига асосан «УНИВЕРСАЛ PACKING MASTERS» МЧЖга мазкур манзилда мавжуд турар жой ва нотурар жой биноларини бузиш ҳамда ушбу ҳудудда кўп қаватли турар жой биноси қуриш учун ер участкаси ажратилгани аниқланди.
Мазкур қарор бино моддий маданий мерос объекти сифатидаги ҳуқуқий мақоми белгиланишидан аввал қабул қилинган.
«Мазкур вазиятда барча ҳолатларга — бинони бузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан тортиб, объектнинг бугунги кундаги ҳуқуқий мақомигача — холис ҳуқуқий баҳо берилиши принципиал жиҳатдан муҳим, деб ҳисоблаймиз. Бизнинг вазифамиз — ўтмишда қабул қилинган маъмурий қарорлар бугунги кунда маданий мерос объектининг йўқотилишига асос бўлиб қолишига йўл қўймаслик. Шу сабабли Агентлик Бош прокуратурага мурожаат қилди ва қонунчиликда назарда тутилган чоралар кўрилишига умид қилмоқда», — деди Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов.
Агентлик мурожаатида Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30-октабрдаги 1550-сон қарорининг амалдаги қонунчилик, шу жумладан, маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.
Қонунчилик бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, Агентлик мазкур қарорни белгиланган тартибда бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш бўйича қонунчиликда назарда тутилган чораларни кўришни сўраган.
Бундан ташқари, объектнинг сақланишини таъминлаш, унинг бузиб ташланиши, шикастланиши ёки тарихий-маданий қийматига бошқа турдаги зарар етказилишининг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўриш масаласи ҳам қўйилган.
Агентлик объектнинг сақланишини таъминлаш мақсадида қонунчиликда назарда тутилган чораларни изчил амалга оширишда давом этмоқда. Барча ҳуқуқий масалаларга ойдинлик киритилгунга қадар объект давлат муҳофазасида бўлиб, унинг ҳолати доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Агентлик маданий мерос объектларига оид масалалар фақат қонунчилик доирасида, уларнинг тарихий-маданий қиймати ҳамда келажак авлодлар асраб-авайлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда ҳал этилиши лозим, деган тамойилдан келиб чиқади.
