#расмий_муносабат
2026-08-25 18:05:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги Худоёрхон мажмуаси (Қўқон давлат музей-қўриқхонаси)да ўрнатилган “тахт” билан боғлиқ турли фикр ва мулоҳазалар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётган мазкур буюм музей экспонати ҳисобланмайди. Ушбу тахт 2018 йилда “Қўқон шамоли” тарихий филми суратга олиш жараёнлари учун реквизит (декорация) сифатида тайёрланган бўлиб, суратга олиш ишлари якунлангач, Катта саломхонадаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида вақтинча қолдирилган.
Шу билан бирга, музей раҳбарияти томонидан Худоёрхон саройининг тарихий қиёфасига мос, илмий ва тарихий манбаларга асосланган тахт нусхасини яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2024 йил май ойида музей раҳбарияти Санкт-Петербург шаҳридаги Давлат Эрмитажига ташриф буюриб, тахтнинг асл нусхаси мазкур музейда сақланмаслиги аниқланган.
Ҳозирги вақтда мавжуд тарихий манбалар асосида тахтнинг тавсифи ва унга оид ҳужжатлар ўрганиб чиқилмоқда. Тахтни қайта тиклаш ишларида фойдаланиш учун Қирғизистон тоғларида ўсувчи махсус қора ёнғоқ дарахтининг материаллари харид қилинган. Тахтни безаш ва ишлов бериш ишлари учун Эроннинг Малоир шаҳри усталари билан алоқа ўрнатилган. Ёғоч ўймакорлиги ишлари эса Ўзбекистон Республикаси устаси Мирзо Юнус Умаров томонидан амалга оширилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, тарихий манбалар ва илмий асослар асосида тахтнинг муносиб нусхасини яратиш мураккаб ва кўп босқичли жараён ҳисобланади ва ушбу ишлар 2028 йил охирига қадар якунланиши режалаштирилганлигини маълум қиламиз.
