#расмий_муносабат
2026-08-21 15:30:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрининг тарихий марказида жойлашган объектларга ўрнатилган реклама ва пешлавҳалар юзасидан тарқалган фикрлар бўйича Маданий мерос агентлиги томонидан қуйидагилар маълум қилинади.
Таъкидлаш жоизки, Бухоро шаҳрининг тарихий маркази ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудуд ҳисобланади. Шу боис мазкур ҳудудда реклама ва бошқа ташқи ахборот воситаларини жойлаштиришда тарихий-меъморий муҳит, маданий мерос объектларининг меъморий қиёфаси ҳамда ҳудуднинг тарихий асрашга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Амалдаги талаблар реклама ёки пешлавҳанинг номидан қатъи назар, тарихий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган, маданий мерос объектларининг кўринишини бузадиган ёки уларнинг меъморий қиёфасига номутаносиб бўлган ташқи ахборот воситаларини жойлаштиришга йўл қўймасликни назарда тутади. Мазкур талаблар барча тадбиркорлик субъектлари ва ташкилотларга бир хил тартибда қўлланилади. Алоҳида объект, ташкилот ёки бренд учун имтиёзли тартиб белгиланмаган.
Ижтимоий тармоқларда кўтарилган масала юзасидан Бухоро шаҳрининг тарихий марказида жойлаштирилган тегишли пешлавҳаларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги ҳудудий бошқарма томонидан ўрганилади. Ўрганиш натижаларига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилишини маълум қиламиз.
