Юнусободдаги нодир мозаикалар хавфсиз жойга кўчирилмоқда
2026-08-13 17:35:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган, 1972 йилда барпо этилган собиқ туберкулёз диспансери биносининг ташқи деворларида жойлашган ноёб мозаика композитсиялари сақлаб қолинмоқда. Туманинг Ниёзбек йўли 3-тор кўчаси, 6-уйдаги ушбу нодир мозаика композитсиялари моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилишига номзод обект сифатида Маданий мерос агентлиги эътиборида турибди.
Бинода демонтаж ишлари режалаштирилгани сабабли, ундаги тарихий-бадиий қийматга эга мозаикаларни сақлаб қолиш мақсадида уларни эҳтиёткорлик билан ечиб олиш ва бошқа ҳудудга кўчириш ишлари ташкил этилмоқда. Бу орқали монументал санъатнинг ноёб намуналарини бутлигича сақлаб қолиш, уларнинг тарихий ва бадиий асраш ҳамда келажак авлодларга етказиш кўзда тутилган.
Маълумот учун, ушбу мозаикалар ўзининг бадиий ечими, ранглар уйғунлиги ва мазмуни билан XX аср иккинчи ярмига оид монументал санъат намуналаридан бири сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Уларда инсон, табиат, меҳнат, бунёдкорлик, илм-фан ва тинчлик ғоялари ўзига хос бадиий талқинда акс эттирилган. Ранг-баранг смалт ва бошқа мозаика элементларидан фойдаланилган ҳолда яратилган тасвирлар ўз даврининг эстетик қарашлари ҳамда монументал санъат анъаналарини ўзида мужассам этган.


