#расмий_муносабат
2026-08-07 14:40:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти, Хива туманида жойлашган Чодра ҳовли маданий мерос объектининг ҳолати юзасидан тарқалган хабар бўйича Маданий мерос агентлиги томонидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Чодра ҳовли объектини асраб-авайлаш ва унинг тарихий-меъморий қиёфасини сақлаб қолиш мақсадида 2022–2023 йилларда ёдгорликда кенг кўламли реставрация ишлари амалга оширилган. Мазкур қайта тиклаш ишлари Маданий мерос агентлиги буюртмачилигида, Хива минтақавий реставрация маркази томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бажарилган.
Реставрация жараёнида айвонлар ва зинапоялар таъмирланиб мустаҳкамланган, ташқи деворлар сомонли сувоқ билан қопланган, ички деворларда ганч сувоқ ишлари бажарилган. Қайта тиклаш ишлари давомида замонавий қурилиш ечимларидан имкон қадар воз кечилиб, ёдгорликнинг тарихий қиёфаси ва анъанавий меъморий услубини сақлаш тамойилларига қатъий риоя қилинган. Шунингдек, объект ҳудуди ободонлаштирилиб, йўлаклар барпо этилган ҳамда ҳудудни тунги вақтда ёритиш тизими ўрнатилиб ташриф буюрувчилар учун зарур барча шароитлар яратилган.
Ҳозирда ушбу ёдгорлик вилоятнинг муҳим маданий мерос объектларидан бири сифатида давлат муҳофазасига олинган бўлиб, унинг тарихий аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиш ҳамда келгусида объект атрофида зарур туристик инфратузилмани ривожлантириш бўйича ишларни изчил давом эттириш кўзда тутилган.
Маълумот учун, ёдгорлик 1871 йилда Хива хонларининг ёзги дам олиш маскани сифатида бунёд этилган. “Чодра” номи “чордара” сўзининг қисқартирилган шакли бўлиб, форс тилида “чор” – тўрт, “дара” – тик чуқурлик маъноларини англатади.
