#расмий_муносабат
2026-08-04 14:30:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий яшаган уй ҳамда унинг номи билан боғлиқ объектлар юзасидан тарқалган хабарлар бўйича Маданий мерос агентлиги томонидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Мурожаатда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий яшаган уй сифатида тилга олинаётган бино Фарғона вилояти, Фарғона тумани, Аввал қишлоғида жойлашган. Мазкур бино амалдаги қонунчиликка мувофиқ моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилмаган.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий номи билан боғлиқ 2 та объект давлат муҳофазасига олинган. Жумладан, Фарғона вилоятининг Фарғона тумани, Шоҳимардон маҳалласида жойлашган XX асрга тааллуқли “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий” мақбараси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарори билан тасдиқланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ҳамда давлат муҳофазасига олинган.
Шунингдек, Қўқон шаҳрида жойлашган “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий” уй-музейи Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 майдаги 239-сон қарори асосида янги аниқланган моддий маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатга киритилган ҳамда давлат муҳофазасига олинган.
Ҳозирги кунда мазкур объектларда ташриф буюрувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, уларнинг сақланиши, муҳофазаси ва фаолияти амалдаги қонунчилик талаблари асосида ташкил этилганлигини маълум қиламиз.
