Маданий мерос агентлигида гиёҳвандликнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш масалалари кўриб чиқилди
2026-08-04 11:00:00 / Янгиликлар

Маданий мерос агентлигида марказий аппарат ходимлари иштирокида наркотик воситалар, психотроп моддалар ва бошқа зарарли одатларга қарши курашиш, уларнинг салбий оқибатлари ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга бағишланган навбатдаги маънавий-маърифий йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбир давомида наркотик ва психотроп моддалар истеъмолининг инсон саломатлиги, оилавий муҳит, меҳнат фаолияти ҳамда жамият тараққиётига салбий таъсири ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, бундай иллатларга ружу қўйиш инсоннинг жисмоний ва руҳий саломатлигига жиддий зарар етказиши, унинг ҳаётий мақсадлари ва келажагига салбий таъсир кўрсатиши алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар учун амалдаги қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди. Иштирокчилар ҳушёрликни ошириш, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш ҳамда зарарли иллатларга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан тавсиялар билан таништирилди.

Тадбир якунида наркотик воситалар ва психотроп моддаларга қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг масъулияти муҳим экани, айниқса, ёшларни бундай асраш, уларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш ҳамда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида қайд этилди.


