#расмий_муносабат
2026-08-03 17:45:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти, Марғилон шаҳрида жойлашган “Узун ҳовуз масжиди” билан боғлиқ тарқалган хабарлар юзасидан Маданий мерос агентлиги томонидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Мазкур тарихий объект Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарори билан тасдиқланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган бўлиб, давлат муҳофазасига олинган.
Масжидни қайта тиклаш мақсадида Қўқон минтақавий реставрация маркази томонидан реставрация ишлари бошланган. Бироқ лойиҳа-смета ҳужжатларида аниқланган айрим камчиликлар сабабли қайта тиклаш ишлари белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган.
Ҳозирги кунда лойиҳа ҳужжатларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, улар Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг тегишли хулосасини олиш мақсадида экспертизага тақдим этилган. Илмий-эксперт кенгашининг ижобий хулосаси олингандан сўнг, амалдаги қонунчилик талабларига ҳамда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ реставрация ишлари белгиланган тартибда давом эттирилади.
Маданий мерос агентлиги тарихий ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий асосда реставрация қилиш ҳамда уларнинг асл тарихий қиёфасини сақлаб қолишга қаратилган барча ишлар фақат амалдаги қонунчилик, илмий хулосалар ва тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилишини маълум қиламиз.
