Тарихий воқеа: Тошкент модернизмининг 10 та биноси ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди
2026-07-26 22:20:00 / Янгиликлар

ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг Корея Республикасининг Пусан шаҳрида бўлиб ўтган 48-сессияси якунларига кўра, “Тошкент модернизм меъморчилиги. Марказий Осиёда замонавийлик ва анъаналар” миллий номинатсияси Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Мазкур номинатсия таркибидаги Тошкент модернизмининг 10 та ноёб меъморий обекти ЮНЕСКОнинг энг нуфузли халқаро мерос рўйхатидан жой олди. Бу қарор Ўзбекистоннинг замонавий меъморчилик меросини халқаро миқёсда эътироф этиш йўлидаги муҳим тарихий қадам бўлди.
ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитаси 1972-йилги Конвенсия доирасида дунёнинг энг муҳим маданий ва табиий мерос обектларини муҳофаза қилиш бўйича қарорлар қабул қилувчи нуфузли халқаро орган ҳисобланади. Ўзбекистон делегатсияси 2026-йил 19–29-июль кунлари Пусан шаҳрида ўтказилган мазкур сессияда фаол иштирок этди.
Рўйхатдан Тошкент шаҳридаги “Марварид” (“Жемчуг”) турар-жой биноси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, “Халқлар дўстлиги” саройи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Тошкент давлат сирки, Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар зали, Ўзбекистон кино санъати саройи, “Эски Жува” бозори (Чорсу), “Космонавтлар” метро бекати ҳамда Тошкент вилоятидаги “Қуёш” гелиокомплекси ўрин олган.
Мазкур обектлар XX асрнинг иккинчи ярмига оид модернистик меъморчиликнинг энг ёрқин намуналаридан бўлиб, уларда замонавий меъморий ечимлар Марказий Осиёнинг миллий анъаналари билан уйғунлашган.
Ушбу қарор натижасида “Тошкент модернизм меъморчилиги. Марказий Осиёда замонавийлик ва анъаналар” номинатсияси Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги олтинчи маданий мерос обектига айланди. Шунингдек, бу Ўзбекистоннинг сўнгги 25 йил ичида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган илк миллий номинатсияси ҳисобланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон XX аср модернистик меъморчилик меросини ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритган Марказий Осиё ва МДҲ ҳудудидаги биринчи мамлакат бўлди. Бу ютуқ мамлакатимизнинг меъморий асраш, илмий ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларнинг яна бир муҳим натижаси сифатида эътироф этилмоқда.






