Музейларда ўтказилган хатлов натижасида экспонатлар камомади аниқланди
2026-07-23 14:35:00 / Янгиликлар

Республикадаги давлат музейларида олиб борилаётган хатлов ишлари давомида “Қўқон” давлат музей-қўриқхонаси ва унинг филиаллари ҳамда Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи фондларида музей ашёлари камомади аниқланди. Хусусан, “Қўқон” давлат музей-қўриқхонаси ва унинг филиаллари, жумладан, Ғафур Ғулом номидаги Қўқон адабиёт музейида 500 га яқин, Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида эса 16 дона фонд ҳисобида мавжуд бўлган экспонатларнинг мавжуд эмаслиги хатлов комиссияси томонидан қайд этилди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўриш учун ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди.
Мазкур хатлов ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 261-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратуранинг 2022-йил 16-июлдаги 65-сонли қўшма йиғилиш баёни ижроси доирасида республика музейлари фондларидаги музей ашёлари ва коллексияларининг сақланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
