РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-07-20 22:30:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган “Мовий гумбаз” кафеси маданий мерос обектида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари юзасидан тарқалган хабарлар бўйича қуйидагилар маълум қилинади.
“Мовий гумбаз” кафеси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги 846-сон қарори билан тасдиқланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига 308-тартиб рақами билан киритилган бўлиб, модернизм меъморчилиги намунаси сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Мазкур обектда ноқонуний равишда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани тўғрисида келиб тушган маълумотлар юзасидан жорий йилнинг 20-июль куни соат 22:00 лар атрофида Маданий мерос агентлиги масъуллари томонидан воқеа жойига чиқилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида обектнинг том қисмида ваколатли орган билан белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани аниқланди. Аниқланган ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги масъуллари томонидан мазкур ишлар зудлик билан тўхтатилди.
Шунингдек, обект масъулларига маданий мерос обектларида ҳар қандай таъмирлаш, реконструксия ёки бошқа турдаги қурилиш ишлари фақат ваколатли органларнинг тегишли рухсати ҳамда белгиланган тартибдаги келишувлар асосида амалга оширилиши лозимлиги юзасидан батафсил тушунтириш берилди. Қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш бўйича тегишли кўрсатмалар тақдим этилди.
Маданий мерос агентлиги давлат муҳофазасига олинган маданий мерос обектларининг аслиятини сақлаш, уларни ноқонуний ўзгартириш ва шикастланишининг олдини олиш юзасидан назорат тадбирларини изчил давом эттиради.
