Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади
2026-07-14 09:50:00 / Янгиликлар

2026 йилнинг 14–16 июль кунлари Тошкент шаҳрида Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Мазкур йиғилишда республиканинг турли ҳудудларидан тақдим этилган маданий мерос объектларига оид лойиҳа ва таклифлар кўриб чиқилади.
Кун тартибига Бухоро, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги маданий мерос объектларига тааллуқли 132 та масала киритилган. Тақдим этилган лойиҳаларда тарихий обидаларни реставрация ва консервация қилиш, ободонлаштириш, муҳофаза ҳудудларида қурилиш ишлари, маданий мерос объектларини ижарага бериш, янги археология ёдгорликларини миллий рўйхатга киритиш каби муҳим масалалар ўрин олган.
Шунингдек, йиғилиш давомида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро, Самарқанд ва Хива тарихий ҳудудларида амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш, таъмирлаш ва реставрация лойиҳалари алоҳида тартибда муҳокама қилинади.
Илмий-эксперт кенгаши кун тартибидаги масалаларнинг батафсил рўйхати билан Маданий мерос агентлигининг расмий веб-сайти орқали танишиш мумкин.
