#расмий_муносабат
2026-07-10 09:35:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрининг Фирдавсий кўчасида жойлашган “Бахмал фабрикаси” маданий мерос объекти юзасидан тарқалган мурожаатлар ва билдирилаётган фикрлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.
Маданий мерос агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан олиб борилган мониторинг натижасида жорий йилнинг 17 июнь куни мазкур объект ҳудудида тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлмаган айрим бино ва иншоотларни бузиш ишлари бошланганлиги аниқланган. Ўрганишлар давомида бузиш ишлари Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг хулосаси олинмасдан амалга оширилаётгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 64-моддаси иккинчи қисми талаблари асосида 2026 йил 17 июнь куни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш учун прокуратура органларига юборилган.
Айни вақтда ушбу ҳолат юзасидан ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда ўрганиш ва назорат ишлари давом эттирилмоқда. Маданий мерос агентлиги томонидан тарихий объектларнинг сақланиши устидан доимий мониторинг олиб борилиб, қонунчилик талаблари бузилган ҳар бир ҳолат бўйича белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда.
Маълумот учун, “Бахмал фабрикаси” XX асрга оид маданий мерос объекти бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига диққатга сазовор жой сифатида киритилган. Шунингдек, 2025 йил 17 декабрдаги ОА-1310855-сонли аукцион баённомасига асосан мазкур мулк “СИЁБ SHAUMYANA AVENUE” хусусий корхона тасарруфига ўтган.
