#расмий_муносабат
2026-07-03 16:35:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида жойлашган “Ҳаммоми Саррафон” маданий мерос объекти юзасидан тарқалган айрим хабар ва фикрлар муносабати билан Маданий мерос агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Мазкур объект Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сон қарори талаблари асосида 2021 йил 1 июлда тузилган 12-сонли тўрт томонлама ижара шартномаси асосида 30 йил муддатга “Шергирон” хусусий корхонасига фойдаланиш учун берилган. Маданий мерос агентлиги томонидан 2024 йил 12–13 декабрь кунлари Бухоро вилоятида мазкур ва бошқа ижара шартномаларининг ижроси юзасидан ўтказилган ўрганиш давомида ушбу объектда ижара шартномасида назарда тутилган мажбуриятлар, жумладан инвестиция киритиш шартлари тўрт йил давомида бажарилмагани аниқланган.
Шунингдек, мазкур ижара шартномаси тузилганидан тўрт йил ўтиб, яъни 2025 йил 16 июнь куни давлат рўйхатидан ўтказилгани маълум бўлган. Мазкур ҳолатлар юзасидан ваколатли суд органлари томонидан ҳуқуқий баҳо берилган. Жумладан, шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қарор маъмурий судлар томонидан бекор қилинган. Бундан ташқари, шартнома шартлари бажарилмагани ҳамда у белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмагани сабабли Бухоро туманлараро иқтисодий суди томонидан ижара шартномаси бекор қилинган.
Айни вақтда мазкур суд қарори устидан берилган шикоят аризаси асосида иш Бухоро вилояти иқтисодий суди томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда. Шу боис мазкур масала юзасидан якуний ҳуқуқий хулоса фақат суднинг якуний қароридан сўнг берилишини маълум қиламиз. Маданий мерос агентлиги объектларни бошқариш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ барча жараёнлар фақат амалдаги қонунчилик талаблари ҳамда суд ҳужжатларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилишини алоҳида таъкидлайди.
Шунингдек, Агентлик оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини мазкур масала юзасидан бир томонлама хулоса чиқармасликка, суд жараёнлари якунига етмасдан туриб асоссиз айбловлар ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка, фақат расмий ҳамда ишончли манбаларга таянишга чақиради. Шу билан бирга, давлат органларининг обрўси ва шаънига путур етказувчи ёлғон ёки асоссиз маълумотларни тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз ва мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиниши тўғрисида огоҳлантирамиз.
Маълумот учун, “Ҳаммоми Саррафон” объекти 1534–1535 йилларда қурилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарори билан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ҳамда давлат муҳофазасига олинган.
