Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам
2026-06-30 10:25:00 / Янгиликлар

2026 йилнинг 29 июнь куни Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтида Ўзбекистон халқ артисти, атоқли хонанда, актёр ва рассом Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш ҳамда унинг мемориал музейи фондини бойитишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Маданий мерос агентлиги томонидан харид қилинган Ботир Зокиров ижодига оид учта тасвирий санъат асари ҳамда фуқаролар томонидан беғараз топширилган олти дона мемориал аҳамиятга эга ашё белгиланган тартибда Ботир Зокиров мемориал музейи фондига топширилди.
Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 июлдаги “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш, унинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 230-сонли қарори ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди. Ушбу қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида Ботир Зокиров мемориал музейи ташкил этилиши ҳамда музей фондини тарихий материаллар, мемориал буюмлар, ноёб фотосуратлар ва санъат асарлари билан бойитиш вазифаси Маданий мерос агентлигига юклатилган.
Бугунги кунга қадар Агентлик томонидан санъаткорнинг ҳаёти ва ижодига оид материалларни аниқлаш, экспертизадан ўтказиш, харид қилиш ҳамда фуқаролар томонидан беғараз топширилган ашёларни қабул қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Ботир Зокиров мемориал музейи фондини янада бойитиш мақсадида санъаткор ҳаёти ва ижодига оид тарихий материаллар, шахсий буюмлар, ҳужжатлар, фотосуратлар ҳамда бошқа мемориал аҳамиятга эга ашёларни қабул қилиш жараёнлари давом этаётганлигини маълум қиламиз.




