#расмий_муносабат
2026-06-26 19:00:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида жойлашган маданий мерос объекти билан боғлиқ вазият юзасидан тарқатилган хабарлар муносабати билан Маданий мерос агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Бухоро шаҳрида жойлашган Тими Абдуллахон ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарорига мувофиқ моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган. Мазкур объектнинг 869,9 квадрат метр қисми 2015–2022 йиллар давомида ижара шартлари асосида хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилган.
2022 йилнинг май ойида тузилган уч томонлама ижара шартномасининг амал қилиш муддати 2022 йил 31 декабрда якунланган. Шундан сўнг объектдан фойдаланиш масаласи Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сон қарори талаблари асосида, яъни маданий мерос объектларини инвестиция мажбуриятлари эвазига ижарага бериш тартибига мувофиқ кўриб чиқилган.
Агентликнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан тайёрланган тегишли ҳужжатлар Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланган. Шундан сўнг объектни ижарага бериш бўйича эълон белгиланган тартибда жойлаштирилган ва очиқ танлов ўтказилган. 2024 йил 26 ноябрь куни ваколатли давлат органлари вакилларидан иборат танлов комиссияси томонидан тақдим этилган инвестиция таклифлари кўриб чиқилиб, энг мақбул тижорат таклифи “Ася Handicraft Center” хусусий корхонаси томонидан берилгани сабабли мазкур ташкилот танлов ғолиби деб топилган.
Танлов комиссиясининг қарори асосида 2024 йил 16 декабрь куни амалдаги қонунчиликка мувофиқ тўрт томонлама ижара шартномаси расмийлаштирилган. Объектни илгари фойдаланиб келган “Атлас Plus-18” корхонасига қонунчиликда белгиланган тартибда объектни ихтиёрий равишда бўшатиш ҳақида огоҳлантириш юборилган. Талаб бажарилмаганлиги сабабли Маданий мерос агентлиги томонидан иқтисодий судга даъво аризаси киритилган. Мазкур низога оид суд ишлари барча инстанцияларда кўриб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2025 йил 19-сентабрдаги қарори билан даъвогарнинг талаблари рад этилган ҳамда танлов комиссияси қарори ўз кучида қолдирилган. Шундан сўнг суд ҳужжатлари ижроси доирасида объект қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бўшатилиб, амалдаги ижара шартномасига мувофиқ янги ижарачига топширилган.
Тими Абдуллахон объекти бўйича барча жараёнлар амалдаги қонунчилик, суд қарорлари ҳамда ваколатли давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорлар асосида амалга оширилган. Маданий мерос агентлиги объектлардан фойдаланишда қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилади ҳамда тарихий асраш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттиради.
