#расмий_муносабат
2024-08-08 13:35:00 / Янгиликлар

Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги музей кураторлари билан биргаликда юқорида қайд этилган санъат асарларини синчковлик билан кўздан кечирди. Бу ҳақдаги тегишли суриштирув ва тушунтириш ҳисоботлари музей муҳофизлари томонидан атрофлича қиёсий ўрганилди. Шу тариқа мазкур суратлар музей коллекциясига мансуб эмаслиги ҳамда уларнинг электрон сотувга чиқарилиши билан Ўзбекистон давлат санъат музейининг реконструкция ва жорий таъмирлаш учун ёпилиши ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидламоқчимиз.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат санъат музейининг барча экспонатлари тўлиқ рақамлаштирилганини, давлат музейларидаги электрон идентификация қилинувчи музей ашёлари ва сара тўпламлари сони барқарор ўсишда давом этаётганини маълум қиламиз. Эслатиб ўтамиз, ҳозирда давлат музейлари фондларидаги музей ашёлари тўпламлари сони 2,525,023 тани ташкил этади, шундан, 1,815,211 таси асосий фондда, 709,812 таси илмий-ёрдамчи фондда сақланмоқда, 82,067 таси эса музей экспозицияларида намойиш этилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, ижтимоий тармоқларнинг жамоат ишларида фаол ва таъсирчан фойдаланувчиларига Ўзбекистон давлат санъат музейи томонидан санъат ашёларини безавол ва бус-бутун сақлаш масалаларига бефарқ эмасликлари учун миннатдорчилик изҳор қилиб, топикстартерларга ўзларининг аудиторияси олдидаги масъулиятини ҳис қилган ҳолда ҳамда маълумот тарқатиш одобига риоя этиб бундай масалаларда шошма-шошарликка йўл қўймасликка ва музей ёки ваколатли давлат органи орқали тарқатилаётган маълумот ҳақиқатга мос келиши юзасидан қўшимча ўрганишга чақириб қоламиз. Музейлар томонидан мисқоллаб йиғилаётган ишончга ва ишчанлик обрўсига путур етказишдан сақланишни тавсия этган ҳолда, келгусида мамлакатимиз маданий мероси масканлари ва ашёларига нисбатан ноқонуний муносабатда бўлиш ҳолатлари аниқланса, бу ҳақда Агентлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беришларини сўраб қоламиз.
