Самарқандда Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги сайёр йиғилиши ўтказилади
2026-06-24 11:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 25–26 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги сайёр йиғилиши бўлиб ўтади. Унда республиканинг турли ҳудудларидаги моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, реставрация қилиш, улардан фойдаланиш ҳамда тарихий ҳудудларда амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳаларига оид 93 та муҳим масала муҳокама қилинади.
Кун тартибидан Бухоро, Жиззах, Наманган, Навоий, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида жойлашган маданий мерос объектлари билан боғлиқ масалалар ўрин олган. Жумладан, Бухоро шаҳридаги “Масжиди Калон” мажмуасини реставрация қилиш, Наманган вилоятидаги “Ҳақулобод” масжиди, “Махдуми Аъзам” мақбараси ҳамда “Биби мушкулкушод” мақбарасида таъмирлаш ишларини амалга ошириш лойиҳалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, Хива шаҳридаги “Аллакулихон мадрасаси”ни меҳмонхона сифатида мослаштириш, Тошкент шаҳридаги Темурийлар тарихи давлат музейи биносини реконструкция қилиш ҳамда ҳудудини ободонлаштириш, Навоий вилоятидаги “Нур қалъаси” археологик объектини музейлаштириш, визит-марказ қуриш ва ҳудудни муҳофаза қилишга қаратилган қатор лойиҳалар кенгаш муҳокамасига қўйилган.
Бундан ташқари, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий ҳудудларда жойлашган турар ва нотурар биноларни қуриш, қайта қуриш, мослаштириш, ободонлаштириш ҳамда муҳофаза ҳудудларида инфратузилма объектларини жойлаштиришга оид қатор лойиҳалар кўриб чиқилиши белгиланган. Йиғилиш давомида айрим маданий мерос объектларини Миллий рўйхатга киритиш ёки ундан чиқариш бўйича таклифлар ҳам муҳокама этилади.
Илмий-эксперт кенгаши кун тартибидаги масалаларнинг батафсил рўйхати билан Маданий мерос агентлигининг расмий веб-сайти орқали танишиш мумкин.
