Тошкент вилоятидаги маданий мерос объектлари ўрганилмоқда
2026-06-24 11:45:00 / Янгиликлар

Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент вилоятидаги маданий мерос объектлари ва модернизм меъморчилиги намуналарининг сақланиш ҳолати ўрганилмоқда.
Мониторинг доирасида Паркент туманидаги “Қуёш” гелиокомплекси илмий-тадқиқот институтида ўрганишлар олиб борилиб, объектнинг техник ва меъморий ҳолати кўздан кечирилди. Натижада мажмуанинг сақланиш даражаси қониқарли экани қайд этилди. Шу билан бирга, айрим қисмларини реставрация қилиш юзасидан мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди.
Маълумот учун, Паркент туманида жойлашган “Қуёш” гелиокомплекси 1981–1987 йилларда бунёд этилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 апрелдаги 227-сон қарорига мувофиқ Маданий мерос кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
Айни пайтда Тошкент вилоятидаги маданий мерос объектларини ўрганиш ва назорат тадбирлари давом этмоқда.

