#расмий_муносабат
2026-06-23 13:30:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда “Қулаш арафасидаги тарихий обида” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан Маданий мерос агентлиги томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди ва қуйидагилар маълум қилинади.
Андижон вилоятининг Асака туманида жойлашган Тиллахон масжиди тумандаги муҳим тарихий-меъморий ёдгорликлардан бири ҳисобланади. Мазкур обида узоқ йиллар давомида табиий-иқлим омиллари, ёғингарчиликлар ҳамда вақт таъсирида пол ва йўғоч устунларда емирилиш ва деформациялар юзага келганлиги сабабли таъмирталаб ҳолатга келган.
Обиданинг мавжуд техник ҳолати мутахассислар томонидан атрофлича ўрганилиб, тарихий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда таъмирлаш-тиклаш ва реставрация ишларини амалга ошириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжатлар Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг йиғилишида кўриб чиқилиб, ёдгорликнинг тарихий-меъморий қиёфасига зарар етказмаслик шарти билан маъқулланган.
Шунингдек, амалдаги тартибга мувофиқ барча зарур экспертиза хулосалари олинган ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш учун талаб этиладиган ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилган. Лойиҳага мувофиқ, обидада мустаҳкамлаш, авария ҳолатидаги қисмларни тиклаш, том ва девор конструкцияларини таъмирлаш, тарихий безак элементларини реставрация қилиш ҳамда ёдгорликнинг асл меъморий қиёфасини сақлаб қолишга қаратилган комплекс қайта тиклаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Ҳозирда мазкур объектни тўлиқ таъмирлаш-тиклаш ва реставрация ишларини молиялаштириш масалалари белгиланган тартибда ҳал этилмоқда. Молиялаштириш ишлари якунлангач, ёдгорликда кенг кўламли қайта тиклаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Шунингдек, ёдгорликда таъмирлаш-тиклаш ишлари якунлангандан сўнг ундан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш масаласи мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.
Маълумот учун, Андижон вилоятининг Асака туманида жойлашган Тиллахон масжиди 1880 йилда бунёд этилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарорига мувофиқ маданий мерос кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ҳамда давлат муҳофазасига олинган.
