Буюк Ипак йўли тарихига оид маданий бойликлар харид қилинади
2026-06-12 11:05:00 / Янгиликлар

Маданий мерос агентлиги томонидан “Миллий меросга менинг ҳиссам” умумхалқ акцияси доирасида “Ипак йўли” давлат музейи фондини бойитиш мақсадида Буюк Ипак йўлининг шаклланиши, ривожланиши ҳамда унинг Марказий Осиё ва жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини акс эттирувчи тарихий материаллар, маданий бойликлар, архив ҳужжатлари, ноёб суратлар ва бошқа музей аҳамиятига эга ашёларни харид қилиш ишлари бошланмоқда.
Шу муносабат билан, мазкур даврга оид маданий бойликлар ва тарихий ашёларга эга бўлган фуқаролар ҳамда коллекционерлар уларни белгиланган тартибда баҳолатиш ва музей фондига топшириш учун Маданий мерос агентлигига мурожаат қилишлари мумкин. Харид ишлари 2026 йил декабрь ойидан бошлаб амалга оширилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 апрелдаги “Ипак йўли” давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги 153-сон қарори қабул қилинган бўлиб, ҳозирда музей фондини шакллантириш ва бойитиш ишлари олиб борилмоқда. Қўшимча маълумотлар учун +998-90-250-77-41 телефон рақами орқали Маҳмуд Маликов билан боғланишлари мумкин.
