Султон-Саодат мажмуасида реставратсия ишлари юзасидан муҳокамалар ўтказилди
2026-06-08 17:10:00 / Янгиликлар

Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов бошчилигида Сурхондарё вилоятида жойлашган қатор маданий мерос обектларида ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида тарихий-маданий ёдгорликларнинг бугунги ҳолати, уларни сақлаш, муҳофаза қилиш ва реставратсия қилиш истиқболлари юзасидан мутахассислар иштирокида муҳокамалар ўтказилди.
Хусусан, Термиз шаҳрида жойлашган Султон-Саодат мажмуасида амалга оширилиши режалаштирилаётган реставратсия ишлари юзасидан Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари билан учрашув ташкил этилди. Муҳокамалар давомида ёдгорликнинг тарихий-меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, илмий асосланган ҳолда реставратсия ишларини амалга ошириш ҳамда обектнинг узоқ муддатли сақланишини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Айни пайтда Султон-Саодат мажмуасида реставратсия ишларини амалга ошириш бўйича дастлабки лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Маълумот учун, вилоятнинг Термиз шаҳрида жойлашган Султон-Саодат мақбаралар мажмуаси мамлакатимизнинг энг ноёб тарихий-архитектура ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Давлат муҳофазасига олинган ушбу мажмуа нафақат меъморий обида, балки Термиз саййидлари сулоласининг асрлик тарихини акс эттирувчи муҳим зиёратгоҳ сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Султон-Саодат мажмуасининг шаклланиши X асрга бориб тақалади. Тарихий манбаларга кўра, ушбу зиёратгоҳ бир аср давомида босқичма-босқич бунёд этилиб, Х–XVII асрларда бугунги кўринишига эга бўлган. Мажмуа Термиз саййидлари сулоласининг хилхонаси сифатида машҳур бўлиб, бу ерда авлоддан-авлодга ўтиб келган кўплаб саййидлар дафн этилган.





