#расмий_муносабат
2026-06-01 18:45:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Хива шаҳридаги “Нуриллабой” тарихий мажмуаси ҳудудида ёга машғулотлари ўтказилгани юзасидан тарқалган хабарларга аниқлик киритиш мақсадида Маданий мерос агентлиги томонидан қуйидагилар маълум қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 19-майдаги 297-сон қарорига мувофиқ “Нуриллабой” тарихий мажмуасининг бино-иншоотлари “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” аксиядорлик жамиятига ижара тўловининг “нол” ставкаси бўйича ижарага берилган. Ҳозирги кунда эса “Нуриллабой” мажмуаси музей сифатида фаолият юритиб келмоқда ва ташриф буюрувчиларга белгиланган тартибда чипта асосида хизмат кўрсатилмоқда.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ижтимоий тармоқларда “Ферузхон мақбараси” сифатида тилга олинаётган жойда мақбара мавжуд эмас. Мазкур ҳудуд тарихан Хива хонларининг қабул маросимлари ва расмий учрашувлари ўтказилган (Исфандиёрхон) қабулхонаси ҳисобланиб, у зиёратгоҳ ёки дафн жойи ҳисобланмайди. Ёга машғулотлари ҳам айнан ушбу ҳудудда музей экспозитсияси ва ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлган майдонда, белгиланган тартиб асосида чипта орқали кирилган ҳолда ташкил этилган.
“Нуриллабой” мажмуаси Хиванинг бой тарихий ва меъморий меросининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу ҳудуддан фойдаланишда унинг тарихий қиёфаси, маданий аҳамияти ва муҳитини сақлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, мажмуада ташкил этиладиган барча тадбирлар амалдаги тартиб-қоидалар ва миллий меросга ҳурмат тамойиллари асосида амалга оширилишини маълум қиламиз.
