Ғузор бекининг уйи тўлиқ реставратсия қилинди
2026-05-25 16:00:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилоятида жойлашган Ғузор бекининг уйида кенг кўламли реставратсия ва қайта тиклаш ишлари якунланди. Мазкур ишлар маданий мерос асраб-авайлаш, уларнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш ҳамда келажак авлодларга етказиш мақсадида амалга оширилди.
Қайта тиклаш ишлари Шаҳрисабз минтақавий реставратсия маркази мутахассислари томонидан жорий йилнинг март ойидан бошлаб илмий асосда олиб борилди ва май ойида тўлиқ якунига етказилди. Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ обектни қайта тиклаш ишлари учун жами 1 млрд. 402 млн сўм маблағ йўналтирилди. Амалга оширилган реставратсия ишлари натижасида обиданинг тарихий-меъморий қиёфаси сақлаб қолинди.
Реставратсия жараёнида обиданинг девор ва ички конструксиялари чуқур ўрганилиб, тарихий қатламлар остида сақланиб қолган бир қатор ноёб меъморий элементлар аниқланди. Жумладан, қадимий аркалар, анъанавий ғишт терими асосидаги конструктив ечимлар ҳамда тарихий нақш ва безаклар очилган. Девор сувоқ қатламлари остидан геометрик ва ўсимликсимон орнаментлар ҳамда қадимий ранг излари аниқланиб, уларни сақлаб қолиш мақсадида консерватсия ишлари ҳам амалга оширилди.
Мазкур иншоот XIX аср охири — XX аср бошларига, яъни Бухоро амирлиги даврига мансуб бўлиши мумкин. Тарихий манбаларда Ғузор ҳудуди Бухоро амирлигининг муҳим бекликларидан бири сифатида қайд этилган бўлиб, ушбу иншоот маҳаллий беклар қароргоҳи сифатида фойдаланилганлиги тахмин қилинади.


