Муқаддас қадамжода тартиб, тозалик ва ҳурмат муҳим
2026-05-22 12:50:00 / Янгиликлар

Имом Бухорий мажмуаси 2026 йил 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тантанали равишда очилди. Кенг кўламли реконструкция ишларидан сўнг мажмуа янада маҳобатли, замонавий ва миллий меъморчилик анъаналарига уйғун қиёфа касб этди.
Бугунги кунда мажмуа ҳудуди 45 гектарни ташкил этади. Унинг таркибида Имом Бухорий ҳазратларининг қабри (сағана), 10 минг кишилик масжид, 154 устунли миллий услубдаги айвонлар, 14 та мовий гумбаз, 75 метрлик 4 та минора ҳамда 9 павильондан иборат инновацион музей мавжуд. Музейда буюк алломанинг ҳаёти, илмий мероси ва ислом оламидаги ўрни кенг ёритилган.
Мазкур мажмуа нафақат зиёрат маскани, балки халқимизнинг бой маънавий мероси, миллий меъморчилик анъаналари ва ислом цивилизациясидаги муносиб ўрнини намоён этувчи муҳим маданий объект ҳисобланади. Уни барпо этиш ва бугунги кўринишга келтириш учун катта маблағ, хориждан келтирилган қимматбаҳо мармарлар, ноёб қурилиш материаллари, замонавий технологиялар ҳамда юксак малакали мутахассислар меҳнати сарф этилган.
Шу боис ушбу қутлуғ масканга ташриф буюрувчи ҳар бир инсондан зиёратгоҳ маданиятига риоя қилиш, мажмуа ҳудудида тозалик ва тартибни сақлаш, бинолар, устунлар, айвонлар, музей экспозициялари ва бошқа қимматбаҳо объектларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш сўралади. Афсуски, айрим ҳолатларда баъзи ташриф буюрувчилар томонидан мажмуа ҳудудидаги қимматбаҳо материаллар ва иншоотларга нисбатан беписанд муносабат ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай хатти-ҳаракатлар нафақат мажмуа кўринишига, балки унинг узоқ йиллар давомида асл ҳолича сақланишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Унутмаслигимиз керакки, Имом Бухорий мажмуаси барчамиз учун қадрли бўлган маънавий меросдир. Бу ердаги ҳар бир бино, ҳар бир устун, ҳар бир безак ва ҳар бир экспозиция катта меҳнат, масъулият ва маблағ эвазига яратилган. асраб-авайлаш фақат мутасадди ташкилотларнинг эмас, балки ҳар бир ташриф буюрувчининг ҳам бурчидир.
Шу муносабат билан барча фуқаролар ва зиёратчилардан ушбу қутлуғ масканга ҳурмат билан муносабатда бўлишни, тозалик ва озодаликка амал қилишни, тартиб-қоидаларга риоя этишни ҳамда мажмуани келажак авлодларга муносиб ҳолда етказиш йўлида масъулият билан ёндашишни сўраймиз.
