“Лазги ва Авесто” музейи ташкил этилади
2026-05-15 08:50:00 / Янгиликлар

2026 йил 12 май куни қабул қилинган 241-сон қарорга мувофиқ, Урганч шаҳрининг Тазмияз ҳудудидаги бино негизида “Лазги ва Авесто” музейи ташкил этилади. Мазкур музей Ўзбекистон замонавий санъат музейи филиали сифатида фаолият юритади.
Янги музей Хоразмнинг номоддий маданий мероси ҳисобланган лазги рақси ҳамда қадимий “Авесто” мероси тарихини кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади. Музейда ноёб экспонатлар, замонавий экспозициялар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этилган кўргазмалар орқали ташриф буюрувчилар Хоразмнинг бой маданий қатламини яқиндан ҳис қилиш имконига эга бўлади.
Қарорга кўра, музей фондини шакллантириш, асраб-авайлаш, ёш авлодни тарихий ва маданий меросга ҳурмат руҳида тарбиялаш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни кенг жалб этиш асосий вазифалар этиб белгиланган. Экспозицияларни ташкил этишда замонавий технологиялардан фойдаланиш ва жаҳон музейшунослиги тажрибасини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.
Музей фаолияти Хоразм вилояти маҳаллий бюджети, музейнинг ўз даромадлари, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Музейни сақлаш ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.
Шунингдек, Хоразм вилояти ҳокимлигига 2026 йил 1 июлга қадар бинони таъмирлаш, экспозиция яратиш ва моддий-техник базани шакллантириш вазифаси юклатилган. Штат жадвали тасдиқланиб, малакали кадрлар билан таъминлаш чоралари кўрилади.
Мазкур музей Хоразмнинг бой маданий меросини замонавий талқинда намоён этувчи, маърифий ва туристик аҳамиятга эга муҳим масканлардан бирига айланиши кутилмоқда.
