Маданий меросга миллиардлаб зарар етказилди
2026-04-27 21:10:00 / Янгиликлар

Навоий вилояти Навбаҳор тумани ҳудудида жойлашган “Сармишсой давлат музей-қўриқхонаси” археология ёдгорлигида ноқонуний қазиш ишлари олиб борилгани аниқланди. Мазкур ҳолат маданий меросни муҳофаза қилиш талабларининг қўпол равишда бузилганини кўрсатмоқда.
Маълумки, ушбу объект Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарорига мувофиқ моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган. Шунингдек, 2021 йил 3 мартдаги 119-сон қарор билан “Сармишсой” давлат музей-қўриқхонасининг 5000 гектар майдондаги қўриқланадиган ҳудуди белгиланган.
Шунга қарамай, жорий йилнинг 27 февраль куни ўтказилган назорат тадбирлари давомида “Голден days” хусусий корхонаси томонидан мазкур ҳудудда рухсатсиз қазиш ишлари олиб борилаётгани аниқланган ва бу бўйича далолатнома расмийлаштирилган. Қўшимча ўрганишлар натижасида 2026 йил 25 март куни ноқонуний қазиш ишлари тўлиқ ўлчовдан ўтказилиб, қазилган ҳажм 3183,6 куб метрни ташкил этгани маълум бўлди.
Энг ачинарлиси, ушбу ноқонуний ҳаракатлар оқибатида маданий мерос объектига 111 млрд. 489 млн. 672 минг сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисоблаб чиқилган. Ҳолат юзасидан қонунчиликка мувофиқ чора кўриш мақсадида Маданий мерос агентлиги томонидан 2026 йил 8 апрель куни Навоий вилояти Ички ишлар бошқармасига тегишли материаллар киритилиб, ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.
Мазкур ҳолат маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш талабларига жиддий путур етказилганини кўрсатади. Шу муносабат билан, келгусида бундай ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Маданий мерос агентлиги томонидан назорат тадбирлари изчил равишда кучайтирилиши маълум қилинади.


