Кох ота мақбарасидаги нотўғри маълумотлар зудлик билан бартараф этилди
2026-04-27 11:25:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берганимиздек, Маданий мерос агентлиги томонидан Тошкент шаҳридаги маданий мерос объектларида кенг кўламли мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Ўрганишлар давомида пойтахт марказида жойлашган Кох ота мақбарасининг кириш қисмида ўрнатилган ёдгорлик тарихига оид маълумот тахтачасида номаълум шахслар томонидан асоссиз ҳамда тарихий ҳақиқатга зид маълумотлар киритилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат маданий мерос объектлари ҳақидаги ахборотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги боис, тезкор чоралар кўрилди. Хусусан, нотўғри маълумотлар акс этган тахтача зудлик билан олиб ташланди. Айни вақтда мазкур масала мутасадди ташкилотлар, соҳа мутахассислари ҳамда тарихчилар иштирокида батафсил ўрганилмоқда. Ўрганишлар якунига кўра, мақбара тарихи юзасидан илмий асосланган, ишончли ва тарихий манбаларга таянган ҳолда янги маълумот тахтачаси тайёрланиб, белгиланган тартибда қайта ўрнатилиши режалаштирилган.
Маданий мерос агентлиги томонидан тарихий объектларда тақдим этилаётган маълумотларнинг ҳаққонийлиги, илмий асосланганлиги ҳамда жамоатчиликка тўғри етказилиши устидан назоратни кучайтириш ишлари изчил давом эттирилади.


