Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши Тошкент шаҳрида ўтказилади
2026-04-27 11:20:00 / Янгиликлар

2026 йилнинг 27–30 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Унда республиканинг турли ҳудудларидаги маданий мерос объектларини асраш, реставрация қилиш ҳамда янги қурилиш лойиҳаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Мазкур йиғилиш кун тартибига жами 120 дан ортиқ масала киритилган бўлиб, улар орасида тарихий обидаларни тиклаш, муҳофаза ҳудудларини ободонлаштириш, археологик ёдгорликларни сақлаш ва уларга туташ ҳудудларда қурилиш ишларини амалга оширишга оид лойиҳалар мавжуд.
Хусусан, Андижон вилоятидаги “Кўк тўнли ота” ва “Оқ тўнли ота” зиёратгоҳларида мақбара қуриш ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги “Эски Тош шифохона” биносини реставрация қилиш каби лойиҳалар муҳокама қилинади. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Кўкалдош мадрасаси”, “Ўзбекистон давлат санъат музейи” ҳамда “Темир йўл вокзали” ҳудудини ободонлаштириш ишлари юзасидан тақдим этилган лойиҳалар ҳам кенгаш эътиборида бўлади.
Кун тартибидан ўрин олган муҳим йўналишлардан яна бири ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш ва реконструкция лойиҳаларидир. Жумладан, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз шаҳарларидаги турар ва нотурар жой биноларини қуриш ҳамда тарихий муҳитга мослаштириш бўйича кўплаб таклифлар кўриб чиқилади.
Бундан ташқари йиғилишда айрим маданий мерос объектларини миллий рўйхатга киритиш ёки ундан чиқариш, шунингдек, уларни ижарага бериш масалалари ҳам муҳокама қилинади. Археологик ёдгорликларга етказилган зарарларни баҳолаш ҳамда уларни муҳофаза қилиш чораларига оид ҳужжатлар экспертизадан ўтказилади.
Илмий-эксперт кенгаши кун тартибидаги масалаларнинг батафсил рўйхати билан Маданий мерос агентлигининг расмий веб-сайти орқали танишиш мумкин.
