Маданий мерос соҳасидаги долзарб масалалар очиқ муҳокама қилинди
2026-04-24 21:55:00 / Янгиликлар

2026 йил 24 апрель куни Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан маданият ва санъат соҳасини тубдан ислоҳ қилиш доирасида Маданий мерос агентлиги томонидан маданий меросни асраш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, Маданий мерос агентлиги мутасаддилари, Агентликнинг бошқарма ва бўлим бошлиқлари, республикадаги давлат музейлари ҳамда музей-қўриқхона раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов мамлакатимизда маданий меросни асраш ва ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2026 йил биринчи чорак якунлари юзасидан маълумот берди. Ўтган 3 ой давомида 131,7 млрд. сўм маблағ ҳисобидан 25 та маданий мерос объектида реставрация ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, 7 та археологик тадқиқот ва 7 та халқаро экспедиция натижасида 2 мингга яқин ноёб топилма давлат фондларига топширилди, 2 та археология объекти эса музейлаштириш босқичига тайёрланди.
Россия ва Япония давлатларида Ўзбекистон музей ашёлари кўргазмалари ташкил этилгани, музейларда 1 535 та маданий-маърифий тадбир ўтказилгани ҳамда музейларга 1 млн.дан ортиқ сайёҳ ташриф буюргани алоҳида қайд этилди. Қизиқарли жиҳати, 162 мингта музей ашёси рақамлаштирилиб, электрон тизимга киритилди, 350 таси эса реставрация қилинди. Шунингдек, “Миллий меросга менинг ҳиссам!” акцияси орқали 8,2 млрд. сўмлик 76 та ноёб маданий бойлик харид қилингани таъкидланди.
Очиқ мулоқот аввалида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Жаннат Исмоилова сўзга чиқиб, йиғилганларни кенгаш фаолияти ва унинг мазкур йўналишда эришилаётган ижобий натижалари ҳамда ютуқлари билан таништирди. Шунингдек, ушбу соҳадаги ишлар самарадорлигини янада такомиллаштиришга қаратилган ўз таклиф ва ташаббуслари юзасидан фикр билдирди.
Тадбир давомида гидлар фаолиятини тартибга солиш ва уларнинг касбий малакасини ошириш мақсадида туризм ҳамда тарихга оид замонавий адабиётларни яратиш, мавжуд адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиш ва мутахассислар учун мунтазам ўқув дастурларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди
Бундан ташқари, жамоатчилик вакиллари томонидан моддий маданий мерос объектлари рўйхатини қайта кўриб чиқиш, тарихий аҳамиятга эга биноларни ҳам маданий мерос сифатида баҳолаш имкониятларини ўрганиш таклифи илгари сурилди. Шу билан бирга, рўйхатдаги ёдгорлик номларини давлат тили қоидаларига мувофиқ ягона стандарт асосида унификация қилиш масаласи ҳам кўтарилди. Шунингдек, тарихий объектларда, хусусан зиёратгоҳ ва мемориал мажмуаларда ташриф маданиятини тартибга солиш, экскурсия жараёнларини тизимлаштириш ҳамда сайёҳлар учун замонавий ахборот бериш тизимини (аудио гидлар, электрон қурилмалар) кенг жорий этиш бўйича таклифлар алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, алоҳида эътибор тарихий-маданий аҳамиятга эга ёдгорликлар, жумладан қадимий қоятош тасвирлари жойлашган ҳудудларни комплекс ўрганиш, уларни халқаро тажриба асосида ривожлантириш ва илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш масалаларига қаратилди.
Ўтказилган очиқ мулоқот давомида кўтарилган масалалар, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларнинг самарали ечимларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, бу каби давра суҳбатлари жамоатчилик назоратини кучайтириш, маданий мерос объектларига нисбатан масъулият ҳиссини ошириш ҳамда тизим фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.









