Ҳамкорлик ва маданий меросни асрашга чақирамиз!
2026-04-22 12:30:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани, Алишер Навоий кўчасида жойлашган маданий мерос объектларидан фойдаланаётган барча хусусий мулкдорлар ҳамда ушбу рўйхатга киритилмаган бино-иншоотлар эгалари диққатига!
Жорий йил 21 апрель куни Маданий мерос агентлиги ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани, Алишер Навоий кўчасида жойлашган маданий мерос объектларида комплекс мониторинг ишлари амалга оширилди. Ўрганишлар натижасида айрим объектларда фасад ранг ечимлари мазкур кўча бўйича шакллантирилган меъморий концепцияга мос эмаслиги, тарихий муҳитга зид ўзгартиришлар киритилгани, шунингдек, таъмирлаш ва ташқи кўринишга оид ишлар белгиланган тартибда рухсатларсиз бажарилгани аниқланди.
Шуни қатъий маълум қиламизки, Алишер Навоий кўчаси бўйича тасдиқланган кўча концепцияси мавжуд бўлиб, ушбу ҳудуддаги барча бино ва иншоотларнинг ташқи кўриниши, айниқса фасад ранг ечимлари мазкур концепцияга мувофиқ бўлиши шарт.
Асосий талаблар:
Маданий мерос объектларининг асл меъморий қиёфасини сақлаш ва тиклаш;
Фасад ва ташқи кўринишларни кўча концепциясидаги ранг ечимларига мослаштириш;
Тарихий муҳитга зид ўзгартиришларга йўл қўймаслик;
Таъмирлаш, реставрация ва бошқа ҳар қандай ташқи ишларни фақат белгиланган тартибда, тегишли рухсатномалар асосида амалга ошириш.
Эслатиб ўтамиз, маданий мерос объектларига ўзбошимчалик билан аралашиш, уларнинг ташқи қиёфасини бузиш, рухсатсиз таъмирлаш ишлари олиб бориш ёки реклама воситаларини ўрнатиш амалдаги қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.
Бу борада назорат тадбирлари доимий равишда давом эттирилади. Аниқланган ҳар бир қонунбузилиш ҳолатига нисбатан муросасиз ёндашув қўлланилади ҳамда масъул шахсларга нисбатан қатъий ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилади.
Шу билан бирга, мазкур кўчада “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати”га киритилмаган, бироқ тарихий-шаҳарсозлик муҳитини шакллантиришда муҳим ўрин тутадиган бино ва иншоотлар ҳам мавжуд. Бундай объектларни давлат муҳофазасига олиш асраш, илмий асосланган ҳолда таъмирлаш ҳамда тарихий қиёфасини сақлаб қолиш жараёнида муҳим имкониятлар яратади. Хусусан, давлат муҳофазасига олинган объектларда реставрация ва таъмирлаш ишларини амалга оширишда методик кўмак, илмий тавсиялар, муҳофаза талаблари бўйича аниқ йўриқномалар ҳамда қонунчилик доирасида қатор афзалликлар ва қулайликлар тақдим этилади. Энг муҳими, бундай мақом бино эгасига нафақат масъулият, балки маданий асраш йўлида амалий ҳамкорлик ва ҳимоя имкониятларини ҳам беради. Шу муносабат билан, мазкур ҳудуддаги бино эгалари ўз иншоотларини давлат муҳофазасига олиш ташаббуслари масаласини кўриб чиқишлари тавсия этилади.
Шаҳаримизнинг тарихий маркази — бу умумий меросимиз. Ҳар бир мулкдорнинг масъулиятли ёндашуви бутун кўчанинг меъморий уйғунлигини сақлашга хизмат қилади.
