Тошкент шаҳрида маданий мерос объектлари ҳолати юзасидан кенг қамровли мониторинг бошланди (1-кун)
2026-04-22 10:30:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрида маданий мерос объектларининг ҳолатини ўрганиш ва уларнинг муҳофазасини таъминлаш мақсадида кенг кўламли комплекс мониторинг ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 21 апрель куни Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳрида жойлашган 28 та маданий мерос объекти атрофлича кўздан кечирилди.
Ўтказилган мониторинг жараёнлари шуни кўрсатдики, айрим объектларда уларнинг тарихий ва меъморий қиёфасига нисбатан эътиборсизлик ҳолатлари сақланиб қолмоқда. Хусусан, 3 та маданий мерос объектида фасад қисмларининг ташқи омиллар таъсирида ифлосланган ҳолатда экани аниқланган бўлса, 4 та объект бўйича белгиланган тартиб ва меъёрий ҳужжатларга зид равишда, тегишли рухсатномаларсиз таъмирлаш ишлари олиб борилгани, реклама баннерлари ўрнатилгани ҳамда фасад қисмларига ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилгани маълум бўлди.
Алоҳида ҳолат сифатида Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 12-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси биноси маданий мерос объекти юзасидан чуқурлаштирилган ўрганиш ишлари бошланди. Таҳлиллар давомида бино фасадидаги ранг ечими Навоий кўчаси бўйича шакллантирилган меъморий концепция ва тарихий-шаҳарсозлик муҳитига тўлиқ мос келмаслиги аниқланди. Шунингдек, Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси томонидан 8 апрель куни берилган муҳофаза белгиси ҳанузгача ўрнатилмагани қайд этилди. Мазкур камчиликлар инобатга олиниб, объект фасад қисмини кўча концепциясига уйғунлаштириш, унинг тарихий ва меъморий қиёфасини сақлаган ҳолда реставрация ишларини амалга ошириш ҳамда ранг ва безак элементларини тарихий асослар билан мувофиқлаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.


Шунингдек, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 15-уйда жойлашган “Алишер Навоий номли санъат саройи биноси” ҳудудида реклама баннерларининг тегишли рухсатномаларсиз ўрнатилгани аниқланиб, бу ҳолат қонунчилик талабларига зид экани қайд этилди. Ноқонуний реклама воситалари шу куннинг ўзидаёқ олиб ташланди.


Навоий кўчаси, 28-уй манзилида жойлашган “4 қаватли маъмурий бино (Марказий телеграф биноси)” ҳудудида эса рухсатсиз ер қазиш ишлари олиб борилгани аниқланди. Мазкур ҳолат маданий мерос объектларига нисбатан қўпол аралашув сифатида баҳоланиб, ишлар зудлик билан тўхтатилди ҳамда ҳудудни дастлабки ҳолатига қайтариш юзасидан қатъий кўрсатмалар берилди. Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича масъул ташкилотлар огоҳлантирилди.

Шу кўча бўйлаб жойлашган Навоий кўчаси, 30-уй — Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказининг маъмурий биносида эса тегишли рухсатларсиз таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани аниқланиб, қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий чоралар кўриш жараёни бошланди.


Навоий кўчаси, 38-уйдаги “Ўзкимёсаноат ДАКбиноси” (ҳозирги "Ўзкимёсаноат" АЖнинг маъмурий биноси) ҳудудида эса рухсатсиз кондиционер қурилмалари ўрнатилгани қайд этилиб, уларни олиб ташлаш ёки меъёрий талабларга мувофиқ яшириш юзасидан топшириқлар берилди.
Маданий мерос агентлиги томонидан амалга оширилаётган ушбу мониторинг ишлари давомида аниқланган барча ҳолатларга қонунчилик бўйича ҳуқуқий баҳо берилади. Унутманг, маданий мерос объектларининг тарихий қиёфасини бузиш, уларга ўзбошимчалик билан аралашиш ёки белгиланган тартибни бузиш ҳолатларига нисбатан муросасиз чоралар кўрилади ҳамда амалдаги қонунчилик доирасида жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади.
