Маданий мерос агентлиги барча давлат идоралари ва тадбиркорларни меросга бўлган ҳурматни сақлашга чақиради
2026-04-14 20:25:00 / Янгиликлар

2026 йил 14 апрель куни Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Фурқат кўчаси 3-уйда жойлашган Маданият вазирлиги тасарруфидаги “Халқлар дўстлиги саройи” ҳудудида Маданий мерос агентлиги ва унинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан давлат назорати (мониторинг) ишлари олиб борилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 649-сон қарори (15.10.2021) билан тасдиқланган низомга мувофиқ, маданий мерос объектларида мониторинг жараёнида аниқланган ўрганишлар натижасида мазкур маданий мерос объектида реклама баннерлари ҳеч қандай рухсатсиз, ўзбошимчалик билан ўрнатилгани аниқланди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасида ташқи реклама ва ахборот объектларига (конструкцияларига) доир асосий талаблар белгилаб берилган. Унга кўра, моддий маданий мерос объектларида ташқи рекламани жойлаштириш тақиқланади. Ҳолат юзасидан ноқонуний баннерлар зудлик билан олиб ташланди ҳамда масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича огоҳлантириш берилди.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 641-моддасида Моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик белгиланган.

