“Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасида QR-код асосидаги ахборот тизими йўлга қўйилди
2026-04-10 12:00:00 / Янгиликлар

Хива шаҳрида жойлашган “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасида экспонатларни замонавий талабларга мувофиқ намойиш этиш ҳамда ташриф буюрувчиларга интерфаол ахборот тақдим этиш мақсадида объектларнинг QR-кодли этикеткаларини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур жараён доирасида амалий санъат бўлимидаги экспонатлар учун махсус рақамлаштирилган ёрлиқлар шакллантирилиб, чоп этилди. Этикеткаларда экспонатлар ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида батафсил маълумотлар жойлаштирилган бўлиб, электрон маълумотлар орқали ташриф буюрувчиларга қўшимча ахборотдан фойдаланиш имконияти яратилди.
Айни пайтда этикеткаларни экспозицияга босқичма-босқич ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу янгилик натижасида экспонатлар тўғрисидаги маълумотлар базаси кенгайтирилиб, ташриф буюрувчиларнинг мустақил ахборот олиш имкониятлари оширилди ҳамда музей экспозициясининг замонавийлиги ва жозибадорлиги таъминланмоқда.



