2025 йил якунлари ва жорий йилги режалар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди
2026-03-30 18:30:00 / Пресс-релизлар

2026 йил 30 март куни Маданий мерос агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Маданий мерос агентлиги томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан оммавий ахборот воситалари учун мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбир давомида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, реставрация қилиш, илмий ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш йўналишида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, шунингдек, халқаро ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиб бораётгани юзасидан батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарорига мувофиқ, бугунги кунда республикада жами 8370 та маданий мерос объектлари рўйхатга олинган. Уларнинг 4797 таси археология ёдгорликлари, 2270 таси архитектура ёдгорликлари, 617 таси монументал санъат ёдгорликлари, 530 таси диққатга сазовор жойлар, 156 таси мозаика ва композицияларни ташкил этади.
Матбуот анжуманида 2025 йилда амалга оширилган ишлар натижалари алоҳида эътироф этилди. Хусусан, 112 та объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизага тақдим этилиб, улардан 80 таси ижобий, 7 таси салбий хулоса олди, 12 таси рад этилди, яна 13 таси қайта кўриб чиқилмоқда. Моддий маданий мерос объектларини асраш соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тизими тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Йил давомида 24 та ариза кўриб чиқилиб, 12 та лицензия берилди ҳамда илмий-консервация ва реставрация ишлари учун 12 та рухсатнома расмийлаштирилди.
Музейлар фаолияти ҳам сезиларли даражада кенгайган. 2025 йилда музейлар томонидан 4474 та тадбир, жумладан, 241 та илмий-амалий анжуман ва семинарлар, 2247 та маданий-маърифий тадбирлар, 586 та кўргазма, 270 та кўчма кўргазма, 596 та маҳорат-дарслари, 534 та театрлаштирилган саҳна намойишлари ташкил этилди. Мазкур тадбирлар натижасида музейларга жами 6 359 914 нафар ташриф буюрувчи жалб этилди. Шундан 4 474 555 нафари маҳаллий, 1 885 359 нафари хорижий ташрифчиларни ташкил этиб, бу кўрсаткичлар музейлар фаолиятининг жамоатчилик ва халқаро миқёсдаги аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Халқаро ҳамкорлик доирасида ЮНЕСCО Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилди. Ушбу тадбир доирасида Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси ҳамда Expo марказида йирик кўргазмалар ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон музей коллекциялари Пекин, Москва, Қозон, Олмаота ва Остона шаҳарларида намойиш этилди. Шунингдек, хориждаги илмий муассасаларда сақланаётган 427 та маданий бойликнинг илмий тавсифи тайёрланиб, алломалар меросига оид 23 та қўлёзманинг электрон нусхалари олинди.
Ўтган давр мобайнида маданий бойликларни муҳофаза қилиш йўналишида ҳам муҳим натижаларга эришилди. Хусусан, маданий бойликларни олиб чиқиш учун 1204 та сертификат расмийлаштирилиб, 14 654 та ашёга рухсат берилди. Ушбу жараёнда 337,7 млн. сўм миқдорида махсус йиғим ундирилган. Вақтинча олиб чиқиш учун эса 83 та сертификат берилиб, 420 та предметга рухсат берилган. Ноқонуний олиб чиқилишининг олдини олиш мақсадида 4072 та предмет вақтинчалик сақловга олиниб, улар бўйича 462 та эксперт хулосаси тайёрланди. Экспертизадан ўтказилган предметларнинг умумий қиймати 3,2 млрд. сўмдан ортиқни ташкил этди.
Археология йўналишида 2025 йилда 149 та рухсатнома ва 113 та очиқ варақ расмийлаштирилди. Уларнинг 91 таси қазишма, 60 таси қидирув ишлари учун берилди. Натижада 80 та археология объектида илмий тадқиқотлар олиб борилди. 4 та ёдгорликни музейлаштириш, яна 2 та объект бўйича лойиҳа ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилди.
Маданий мерос агентлигида ижро интизоми Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6166-сон Фармони ва ПҚ-117-сон қарорида белгиланган талаблар асосида йўлга қўйилган. 2025 йил якунлари бўйича ijro.gov.uz тизими орқали бажарилган топшириқлар таҳлилига кўра, Агентлик томонидан жами 511 та топшириқнинг ижроси таъминланган. Шундан, Президент ҳужжатларида белгиланган 464 та топшириқнинг 212 таси, Президент Администрацияси раҳбари ҳужжатларида назарда тутилган 9 та топшириқнинг 8 таси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида келтирилган 38 та топшириқнинг 20 таси ижро этилган.
Инвестицияларни жалб қилиш ва объектлардан самарали фойдаланиш борасида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Жумладан, 305 та объект 1243 та тадбиркорлик субъектига ижарага берилиб, 22,6 млрд. сўм тушум таъминланди. Шунингдек, 7 та объект бўйича 15,3 млрд. сўмлик инвестиция шартномалари имзоланди. Инфратузилмани ривожлантириш доирасида 1342 та муҳофаза белгиси ўрнатилди, 1148 та объектнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди ҳамда 2267 та объект учун электрон паспортлар шакллантирилди.
Матбуот анжуманида 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар ҳам эълон қилинди. Бу йил давомида 60 та объектда реставрация ишлари, 43 та объект бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш, 10 та давлат музейини модернизация қилиш, 50 мингдан ортиқ маданий бойликларни рақамлаштириш, 4 та археологик ёдгорликни музейлаштириш, 75 та илмий тадқиқот ўтказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Виртуал музей” лойиҳаси доирасида 27 та давлат музейини масофадан туриб томоша қилиш имконияти яратилади, онлайн молиявий қўллаб-қувватлаш (донат) тизими жорий этилади ҳамда йил якунига қадар маданий мерос объектлари ва музейларга ташриф буюрувчилар сонини 7 миллион нафарга етказиш кўзда тутилган.






