Тошкент шаҳрида маданий мерос обектларига оид 70 дан ортиқ лойиҳа муҳокама қилинади
2026-04-06 12:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 6–8-апрель кунлари Тошкент шаҳрида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий эксперт-кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Унда республиканинг турли ҳудудларида жойлашган маданий мерос обектларини сақлаш, реставратсия қилиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ 77 та лойиҳа кўриб чиқилади.
Йиғилиш кун тартибидан Бухоро, Фарғона, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм вилояти ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудларида жойлашган тарихий обидалар, архитектура ва археология ёдгорликларига оид қатор масалалар ўрин олган. Жумладан, маданий мерос обектларида реставратсия ва консерватсия ишларини амалга ошириш, уларнинг муҳофаза ҳудудларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш ҳамда тарихий-маданий экспертиза лойиҳаларини кўриб чиқиш масалалари муҳокама этилади. Шунингдек, айрим обектларни моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритиш ёки ундан чиқаришнинг мақсадга мувофиқлиги каби масалалар кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий ҳудудларда амалга оширилиши режалаштирилаётган қурилиш ишларининг лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилади. Муҳокамалар якунида мутахассислар томонидан тақдим этилган лойиҳалар амалдаги қонунчилик ҳамда маданий меросни муҳофаза қилиш талаблари асосида кўриб чиқилиб, тегишли хулоса ва тавсиялар берилади.
Илмий-эксперт кенгаши кун тартибидаги масалаларнинг батафсил рўйхати билан Маданий мерос агентлигининг расмий веб-сайти орқали танишиш мумкин.
