Маданий мерос агентлигида гиёҳвандликнинг салбий оқибатларига бағишланган “Маънавият соати” ташкил этилди
2026-04-03 10:25:00 / Янгиликлар

2026 йил 3 апрель куни Маданий мерос агентлигида ходимлар учун навбатдаги “Маънавият соати” тадбири ташкил этилди. Унда Агентлик марказий аппарати ходимлари ҳамда тизим ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Мазкур тадбир ходимларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш, уларни жамиятда долзарб бўлиб қолаётган муаммолар юзасидан хабардор қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир давомида жамият ҳаётида жиддий хавф туғдираётган муаммолардан бири — гиёҳвандлик ва унинг салбий оқибатлари хусусида атрофлича сўз юритилди. Мутахассислар томонидан гиёҳвандликнинг инсон саломатлигига, айниқса, ёшлар тарбияси ва келажагига салбий таъсири ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, ушбу иллатнинг ижтимоий, руҳий ва иқтисодий оқибатлари мисоллар асосида тушунтирилди. Иштирокчиларга гиёҳвандликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда зарарли одатлардан йироқ бўлиш юзасидан тавсиялар берилди. Тадбир савол-жавоблар, фикр алмашувлар руҳида ўтиб, унда қатнашчилар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.
Таъкидланганидек, бундай маънавий-маърифий тадбирлар ходимлар ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш, уларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш ҳамда турли салбий иллатларга қарши иммунитетни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.




