Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи директори “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди
2026-03-05 12:45:00 / Янгиликлар

2026 йил 4 март куни Тошкент шаҳридаги Халқаро форумлар саройида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи директори Айжамал Юсупова ҳам “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ушбу мукофот унга миллий асраб-авайлаш, маданий меросни кенг тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлидаги самарали меҳнатлари ва муносиб ҳиссаси учун топширилди.
Таъкидлаш жоизки, Айжамал Юсупова кўп йиллардан буён музей фаолиятини ривожлантириш, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб этиш ҳамда ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида самарали фаолият олиб бориб келмоқда.
Маросим давомида жорий йилда “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига муносиб кўрилган 351 нафар хотин-қиздан 51 нафарига ушбу мукофот тантанали равишда топширилди. Тақдирланганлар орасида таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, маҳалла тизими ҳамда бошқа ижтимоий соҳаларда самарали фаолият юритиб, эл ишончини қозонган фидойи аёллар ҳам бор.
