Маданий мерос агентлигида “Маънавият соати”: гиёҳвандликка қарши кураш масалалари муҳокама қилинди
2026-03-02 16:05:00 / Янгиликлар

2026 йилнинг 2 март куни Маданий мерос агентлигида ходимлар учун навбатдаги “Маънавият соати” тадбири ташкил этилди. Унда Агентлик марказий аппарати ходимлари ҳамда тизим ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида жамият ҳаётида долзарб масалалардан бири бўлган гиёҳвандлик ва унинг салбий оқибатлари хусусида атрофлича сўз юритилди. Хусусан, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, уларнинг инсон саломатлигига, оилавий муҳитга ва жамият барқарорлигига етказадиган жиддий зарарли таъсири ҳақида маълумотлар берилди. Мутахассислар томонидан ёшларни ушбу асраш, уларнинг онгида соғлом турмуш тарзи, мустаҳкам маънавий иммунитетни шакллантириш ҳамда профилактик тарғибот ишларини кучайтиришнинг аҳамияти таъкидланди.
Шунингдек, йиғилиш давомида “Гиёҳвандлик – аср вабоси” мавзусидаги видеоролик намойиш этилиб, унда гиёҳвандликнинг инсон ҳаётига салбий таъсири, унинг оғир ижтимоий ва руҳий оқибатлари мисоллар орқали ёритиб берилди. Мазкур “Маънавият соати” ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ҳуқуқий ва маънавий онгни юксалтириш ҳамда ёш авлодни турли зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш борасидаги тарғибот ишларини кучайтиришга хизмат қилди.



