#РАСМИЙ_МУНОСАБАТ
2026-02-19 17:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 19 февраль куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган стоматология клиникаси биноси ҳолати бўйича тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарори 6-иловасига мувофиқ, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини таъмирлаш, асраш ва илмий-техник тадқиқот лойиҳалари Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Шунга кўра, жорий йилнинг 19 февраль куни Маданий мерос агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан Яшнобод тумани, Маҳтумқули кўчаси, 103-уй манзилида жойлашган стоматология клиникасида мониторинг ўтказилди. Ўрганиш жараёнида объектнинг ташқи қисми тунука билан ўралганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат Агентлик билан келишилмаган ҳолда амалга оширилган бўлиб, ушбу жараён Агентликка боғлиқ эмас. Қайд этиш лозимки, агар лойиҳа белгиланган тартибда Маданий мерос агентлиги билан келишилганида, лойиҳа ташкилоти, лойиҳа ҳужжатлари ва масъул ижрочилар тўғрисидаги маълумотларни очиқлаш имконияти мавжуд бўларди. Бироқ ўрганиш жараёнида аниқланишича, мазкур ишлар тегишли рухсат ва келишувларсиз, ўзбошимчалик билан амалга оширилган.
Мазкур ҳолат юзасидан стоматология клиникаси масъуллари билан суҳбат ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилди ҳамда тушунтириш хатлари олинди. Объектни аввалги ҳолатига қайтариш юзасидан тегишли кўрсатма берилди. Шунингдек, 2025 йил 7 май куни Тошкент Тиббиёт академиясига огоҳлантириш хати юборилган эди.
Маълумот учун, мазкур объект Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарорига мувофиқ Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Маҳтумқули кўчаси, 103-уй манзилида жойлашган ТДТУ бинолари моддий маданий мерос объектининг муҳофаза ҳудудида жойлашган.
