Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
2026-02-19 15:45:00 / Янгиликлар

2026 йилнинг 19 февраль куни Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши онлайн тарзда бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибига Жамоатчилик кенгаши аъзолигига янги номзодларни тавсия этиш, шунингдек, Агентликнинг 2025 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда Кенгашнинг 2026 йилга мўлжалланган иш-режалари масалалари киритилди. Йиғилиш аввалида Жамоатчилик кенгаши раиси Жаннат Исмаилованинг 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот маърузаси тингланди. Йиғилиш давомида Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан шаҳар марказларида жойлашган маданий мерос объектларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, уларнинг ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда мазкур маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, Кенгаш фаолияти ва амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида тизимли ёритиб бориш мақсадида Кенгаш таркибига ОАВ вакилларини ҳамда археология ва архитектура йўналишидаги мутахассисларни жалб этиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, Жамоатчилик кенгаши аъзолигига Ёшлар ишлари агентлиги тизимидан фаол ва ташаббускор ёшларни номзод сифатида тавсия этиш таклифи илгари сурилди.
Кун тартибидаги масалалар доирасида Кенгаш раиси томонидан ёзувчи Саид Аҳмад уй-музейини ташкил этиш ташаббуси асосий масалалардан бири сифатида кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Кенгаш аъзолари томонидан Андижон шаҳрида Саида Зуннунова яшаган уйни муҳофаза қилиш масаласи юзасидан таклифлар билдирилди.
Йиғилиш якунида Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан 2026 йилга мўлжалланган иш-режа лойиҳаси юзасидан таклифларни 3 (уч) кун муддат ичида тақдим этиш тўғрисида келишувга эришилди. Шунингдек, келиб тушган таклифлар умумлаштирилиб, белгиланган тартибда тасдиқлангандан сўнг, ишлаб чиқиладиган ягона иш режаси асосида Кенгаш фаолиятини тизимли равишда йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Мазкур ёндашув Жамоатчилик кенгаши ишларини аниқ режалаштириш, масъулиятни тақсимлаш ҳамда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали ижросини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Маълумот учун, Жамоатчилик кенгаши таркиби раис, раис ўринбосари, котиб ва аъзолардан иборат бўлиб, кенгашнинг қарорлари тавсиявий тусга эга ҳисобланади. Улар давлат органи раҳбарининг қарорига асосан тузилиб, унга меҳнат фахрийлари, обрўли, жонкуяр ва фидойи фуқаролар, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари жамоатчилик асосида қабул қилинади.
