#расмий_муносабат
2026-02-18 22:55:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида жойлашган Амир Темур мажмуаси ҳудудида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва қурилиш ишлари тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Мазкур ҳудудда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 2025 йил 19–20 март кунлари бўлиб ўтган йиғилишида кўриб чиқилган. Кенгашнинг 5-сон баённомасининг 119-банди (36-бет)га мувофиқ, Амир Темур мақбарасининг пол қисмидаги оби ғиштларни алмаштирмаслик, ёритиш чироқларини мажмуанинг ташқи ва ички қисмидаги кундал безакларга зиён етказмаган ҳамда уларни ўзгартирмаган ҳолда ўрнатиш, ташриф марказининг ташқи кўринишини мажмуанинг меъморий қиёфасига мослаштириш шартлари асосида маъқулланган.
Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун замонавий ҳамда қулай инфратузилма яратиш, ташриф буюрувчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда мажмуа ҳудудида обод ва хавфсиз муҳитни шакллантиришдан иборат. Барча ишлар тарихий объектни асраб-авайлаш тамойилига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилмоқда. Қурилиш ва ободонлаштириш тадбирлари Маданий мерос агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда соҳа мутахассислари томонидан доимий назорат остида олиб борилмоқда. Мазкур назорат механизми ёдгорликка эҳтимолий салбий таъсирларнинг олдини олишга қаратилган.
Иш жараёнида қўлланилаётган техника воситалари ва амалга оширилаётган ишлар Амир Темур мақбарасининг конструктив ва меъморий яхлитлигига путур етказмайди. Аксинча, кўрилаётган чора-тадбирлар объектнинг сақланишини таъминлаш, ташриф буюрувчилар хавфсизлигини ошириш ҳамда мажмуанинг барқарор фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилаётган ишлар тарихий ва маданий меросни муҳофаза қилиш ва ривожлантиришга қаратилган тизимли ишларнинг ажралмас қисми бўлиб, барча амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва муҳофаза талаблари асосида қатъий тартибда бажарилаётганлигини маълум қиламиз.
Маълумот учун, XV асрга оид Амир Темур мақбараси мажмуаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарорига мувофиқ маданий мерос объекти сифатида Миллий рўйхатга киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
