Маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва оммалаштириш билан боғлиқ фаолиятни янада такомиллаштириш борасида қилинган ишлар юзасидан Маданий мерос агентлиги Матбуот котиби Моҳинур Имомованинг БРИФИНГИ
2024-06-06 11:25:00 / Матбуот анжуманлари

Юртимизда маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш, уларни қайта тиклаш ва мавжудларини муҳофаза қилиш борасида ҳар йили бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2023-йил якуни ва 2024-йилнинг 1-чораги ҳолатига кўра, хориждаги кутубхона, музей, фонд ёки бошқа илмий-маданий муассасаларда (Дания, Ҳиндистон, Миср ва бошқалар) сақланаётган мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид нумизматика, сопол буюмлар, тақинчоқлар, қўлёзмалардан иборат 457 та маданий бойликнинг илмий тавсифи тайёрланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5186-сонли қарори доирасида Германия, Миср, Ҳиндистон ва Франция давлатлари кутубхона ва фондларида сақланаётган 366 та қўлёзма нусхалари аниқланиб, тавсифи ва рўйхати тузилди ва Ўзбекистон Инновация, технология ва стратегия марказига топширилди. Шунингдек, Америка Қўшма Штатларидаги Принстон университети кутубхонаси, Буюк Британиядаги Британия кутубхонаси, Испания қироллиги Миллий кутубхонасида сақланаётган Алишер Навоий, Ғиёсиддин Коший, Нажиб Самарқандий, Имом Бухорий каби мутафаккирларимизнинг аниқ ва ижтимоий фанлар ҳамда тиббиётга оид 9 та қўлёзмасининг электрон нусхалари олинди.
2024-йилда “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри”нинг 2- ва 3- томлари нашр этилди.
Ушбу реестрнинг учала томида жами 150 дан ортиқ аллома ва мутафаккирларимиз қаламига мансуб 3159 та қўлёзма ҳақидаги маълумотларнинг илмий тавсифи жамланган. Мазкур нашрларни Ташқи ишлар вазирлигининг амалий ёрдамида хориждаги марказий кутубхона, фонд, илмий-тадқиқот марказларига, Республикадаги илмий-маданий муассасалар ва олий ўқув юртларига, Агентлик тизимидаги ташкилотларга, шунингдек, соҳа мутахассисларига беғараз тарқатилиши ташкил этилди.
Мамлакатимизда жойлашган маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва уларни асраб-авайлаш борасида бюджет маблағларидан ҳар йили етарли даражада ажратилиб, уларнинг ҳимояси учун сарфланмоқда. Хусусан, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар
1 485,2 млн сўмни ташкил этган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 1-июндаги "Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданий мерос соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида Қурилиш вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида инклюзив шароитларни яратиш бўйича ягона минимал талаблар ишлаб чиқилди. Мазкур талабларда 2025-йилдан бошлаб туристлар ташриф буюрадиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини реставрация қилиш, тузатиш, таъмирлаш ва археология мероси объектларини консервациялаш, уларни ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштиришда маданий мерос объектларига зарар етказмаган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун минимал шароитларни яратиш белгилаб берилган.
Ҳозирги вақтга қадар 142 та маданий мерос объектлари ва давлат музейларининг реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бошлаб юборилган. Йил давомида 7 та музейда мукаммал таъмирлаш ишлари ҳамда 1 та музейда реставрация ишлари амалга оширилади. 2024-2025-йиллар давомида яна мамлакат ҳудудида жойлашган моддий маданий мерос объектлари ва давлат музейларининг жами 86 тасида реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилади. Манзилли дастур асосида маданий мерос объектлари ва археология ёдгорликларини муҳофаза мақсадида бир нечта масканларда 3D панжаралар билан ўралади ва музейлаштирилади. Мамлакатимиз бўйлаб объектларни муҳофаза қилиш ва асраб-авайлаш борасидаги ишлар маҳаллий ҳокимликлар ва қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бажариб келинмоқда.
