#РАСМИЙ_МУНОСАБАТ
2026-02-13 17:25:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган Тўқимачилик комбинати поликлиникаси биноси бузилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августдаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунига мувофиқ, давлат муҳофазасига олинган маданий мерос объектларини бузиш қатъиян тақиқланади.
Шу билан бирга, мазкур объектни реставрация қилиш ҳамда замонавий кўп тармоқли поликлиника биносига мослаштириш бўйича “ИМОРАТ DEVELOPMENT” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа таклифи Илмий-эксперт кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этилган. Ҳозирда мазкур лойиҳа Илмий-эксперт кенгаши томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, маданий мерос объектларига оид ҳар қандай лойиҳа таклифлари илмий асосланган хулосалар ва амалдаги норматив-ҳуқуқий талаблар асосида баҳоланади. Мазкур масала амалдаги қонунчилик талаблари, шунингдек, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ ҳар томонлама кўриб чиқилиб, тегишли хулоса қабул қилинади.
Маълумот учун, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Усмон Носир кўчаси, 84-уй манзилида жойлашган Тўқимачилик комбинати поликлиникаси биноси архитектура ёдгорлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарорига мувофиқ маданий мерос объекти сифатида Миллий рўйхатга киритилган ҳамда давлат муҳофазасига олинган.
