#расмий_муносабат
2026-02-13 15:15:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Содиқ Азимов кўчаси, 72-уй манзилида жойлашган объект бўйича тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан тасдиқланган миллий рўйхатда мазкур манзилда жойлашган объект қайд этилмаган. Шу билан бирга, ушбу ҳудуд Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Истиқбол кўчаси 37-уй манзилида жойлашган 145-сонли мактаб биноси маданий мерос объектининг муҳофаза ҳудудига ҳам тўғри келади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 265-сонли қарорига асосан, республика аҳамиятидаги маданий мерос объектлари ва археология ёдгорликларининг режалаштирилган чегарасидан 100 метргача бўлган ҳудудда қурилиш ва реконструкция ишлари махсус ваколатли орган — Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур манзилда мавжуд бино ўрнида кўп қаватли турар жой биносини барпо этиш бўйича “Абдурауф Stroy” хусусий корхонаси томонидан тақдим этилган лойиҳа 2025 йил 15–18 апрель кунлари бўлиб ўтган Илмий-эксперт кенгаши йиғилишида кўриб чиқилган. Кенгашнинг 7-сон йиғилиши баёнининг 74-банди (23-бет)га мувофиқ, Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, “Истиқлол” кўчаси, 37-манзилда жойлашган “145-сонли мактаб биноси”нинг муҳофаза ҳудудида 72 ва 24-уйларни бузиш ҳисобидан биринчи қават нотурар, юқори қаватлари турар жой бўлган кўп қаватли бинони қуриш лойиҳаси маданий мерос объектини визуал кўринишини тўсиб қўяётганлиги сабабли лойиҳа рад этилган.
Маданий мерос агентлиги томонидан маданий мерос объектларининг муҳофаза ҳудудларида ҳар қандай қурилиш ишлари амалдаги қонунчилик талаблари асосида қатъий назорат қилинишини маълум қиламиз.
