#Таъзиянома
2026-02-06 10:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги Сергей Есенин номидаги давлат музейида узоқ йиллар давомида илмий ходим сифатида фаолият юритиб келган таниқли ўзбекистонлик тарихчи, ўлкашунос, журналист ва ёзувчи Борис Анатолевич Голендернинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари, яқинлари, ҳамкасблари ва шогирдларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик изҳор этади.
Ўзбекистон, хусусан, Тошкент шаҳри тарихини ўрганиш ва тарғиб этишга салмоқли ҳисса қўшган Борис Анатолевич Голендер 78 ёшида оламдан кўз юмди. У фаолияти давомида юртимиз тарихи ва маданиятига бағишланган 100 дан ортиқ илмий-оммабоп китоблар, мақолалар ҳамда туристик йўлкўрсаткичлар муаллифи сифатида кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган.
Марҳумнинг ёрқин хотираси, унинг пойтахтимизнинг серқирра тарихидан ҳикоя қилувчи, радио тасмаларига муҳрланиб қолган меҳрга тўла овози унинг ҳамкасблари, ёш издошлари ва замондошлари қалбида фидойи, билимдон ва камтар инсон сифатида мангу сақланиб қолади.
