Маданий мерос объектларининг қўриқланадиган тегра лойиҳаси нусхасини тақдим этиш тартиби тасдиқланди
2026-02-03 16:45:00 / Янгиликлар

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш мақсадида моддий маданий мерос объектларининг қўриқланадиган тегра лойиҳаси нусхасини бошқа шахсларга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентабрдаги “Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–161-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 265-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида қабул қилинди.
Янги низомга мувофиқ, лойиҳа нусхаларини олиш бўйича мурожаатлар 3 иш куни ичида кўриб чиқилади ва бепул тақдим этилади. Ушбу механизм маданий мерос объектлари ҳудудларида ноқонуний қурилиш ҳолатларини бартараф этиш, рақамли реестр юритиш ва тизимли назорат ўрнатишга кўмаклашади. Ишлаб чиқилган низом маданий мерос объектларини муҳофаза қилишда тартиб-интизом ва шаффофликни таъминлаб, ҳудудларда рухсатсиз қурилиш ҳолатларини қисқартиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан келишилган бўлиб, 2026 йил 31 январдан кучга кирди.
