Маданий мерос агентлиги ваколатларини мустаҳкамлашга доир қонун лойиҳаси кўриб чиқилди
2026-02-03 12:55:00 / Янгиликлар

2026 йил 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Маданий мерос агентлиги ваколатларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Қонун лойиҳасида бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали республика ижро этувчи ҳокимият органларининг маданий мерос соҳасидаги ваколатларини аниқ белгилаш, уларни тизимлаштириш ҳамда қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш назарда тутилган.
Хусусан, Маданият вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлигининг моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари аниқ тақсимланмоқда. Шунингдек, археологик тадқиқотларини амалга ошириш, тарихий-маданий экспертиза ўтказиш, давлат кадастрини юритиш, музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш, маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб кириш билан боғлиқ ваколатларни Маданий мерос агентлигига бириктириш назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, амалдаги қонунчиликдаги зиддият ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ҳамда ваколатли органлар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланиб, кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Сенатига юборилди.
